Жаҳон | 14:34 / 24.06.2025
777
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгрессида WhatsApp иловасидан фойдаланиш тақиқланди

Киберхавфсизлик бошқармаси мессенжерни фойдаланувчилар учун «юқори хавфли илова» деб белгилади, чунки, унда «фойдаланувчи маълумотларини ҳимоя қилишда шаффофлик йўқ ва маълумотларни сақлашда шифрлаш мавжуд эмас».

Фото: Jakub Porzycki/NurPhoto via Getty Images

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида WhatsApp мессенжеридан фойдаланиш тақиқланди. Бу ҳақда АҚШ парламенти қуйи палатаси ходимларига юборилган эслатмада маълум қилинди, деб ёзди The Guardian.

АҚШ Киберхавфсизлик бошқармаси мессенжерни фойдаланувчилар учун «юқори хавфли илова» деб белгилади, чунки, унда «фойдаланувчи маълумотларини ҳимоя қилишда шаффофлик йўқ ва маълумотларни сақлашда шифрлаш мавжуд эмас».

Конгрессменларга бошқа «хавфсизроқ иловалардан» фойдаланиш тавсия қилинган: Teams (Microsoft), Wickr (Amazon), Signal, iMessage ёки Facetime (Apple). WhatsApp иловаси Facebook эгаси Meta корпорациясига тегишли.

Аввалроқ Пентагон ўз ходимларини техник заифликлари сабабли Signal иловасидан фойдаланиш хавфсиз эмаслигидан огоҳлантирган эди. NPR маълумотларига кўра, 18 март куни чиқарилган махсус оператив хавфсизлик бюллетени россиялик ҳакерлик гуруҳлари Signal иловасидаги заифликдан жосуслик учун фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Пентагоннинг умумий эслатмасида айтилишича, Signal каби хабар алмашиш иловаларида махфий бўлмаган маълумотларни алмашишга рухсат берилган, аммо «оммавий бўлмаган» махфий маълумотларни узатиш тақиқланган.

Мавзуга оид