Жаҳон | 11:26
652
2 дақиқада ўқилади

Каталония сепаратистлари учун амнистия тўғрисидаги қонун ўз кучида қолди

Испания суди Каталониянинг ажралиб чиқиши тарафдорлари учун амнистия қонуни конституцияга мос келишини тасдиқлади.

Фото: AP

Испания Конституциявий суди 26 июн, пайшанба куни Каталония мустақиллик ҳаракати иштирокчиларига нисбатан мунозарали амнистия тўғрисидаги қонунни конституциявий деб топиб, маъқуллади. Суд консерватив Халқ партиясининг даъвосини олти овоз, тўртга қарши овоз билан рад этди, деб хабар беради AFP.

Мадрид суди баёнотида айтилишича, амнистия тўғрисидаги қонуннинг қоидалари «Каталонияда институционал, сиёсий ва ижтимоий нормаллаштириш мақсадида» қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, у ерда бундай амнистия конституциявий қонун нуқтайи назаридан, агар фавқулодда вазиятга жавоб бериш бўлса ва унинг мақсади жамият манфаатларига мос келадиган бўлса, жоиз бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

2018 йилда лавозимга киришганидан бери Каталониядаги вазиятни нормаллаштиришни ўзининг устувор вазифаси деб атаган Испания бош вазири Педро Санчес суд қарорини олқишлади. У, шунингдек, Испанияда «сиёсий инқироз» тугаганини эълон қилди, деб хабар беради AFP.

Каталониянинг бўлиниши тарафдорлари учун амнистия тўғрисидаги қонун 2024 йилда қабул қилинган. AFP таъкидлашича, бу Санчеснинг Каталония мустақиллиги тарафдорларига берган имтиёзи бўлиб, у парламентда уларнинг қўллаб-қувватлашига боғлиқ эди. Консерватив мухолифат тарафдорлари қонунга қарши бир неча ойдан бери норозилик билдирмоқда.

2017 йилда Испаниянинг ушбу шимоли-шарқий минтақасини ажратишга муваффақиятсиз уринишдан кейин мамлакат суд органлари томонидан илгари судланган каталониялик 400 га яқин фаол амнистияга тушади. Бироқ, амнистия Белгияда Испания расмийларидан яшириниб юрган Каталония собиқ раҳбари Карлос Пучдемонга ҳам тегишлими ёки йўқми, ҳозирча ноаниқ. Пучдемон нафақат Каталония мустақиллиги бўйича референдум ўтказганликда, балки давлат маблағларини ўзлаштирганликда ҳам айбланган, дея таъкидлайди AFP.

Мавзуга оид