Жаҳон | 12:07 / 26.07.2025
1537
1 дақиқада ўқилади

Гуржистонда НАТОнинг 7 давлати иштирокида ҳарбий машғулотлар бошланди

Гуржистон ва Туркияда бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтаётган Agile Spirit кўпмиллатли ҳарбий машғулотлари 8 августга қадар давом этади. Уларда 10 давлатдан 2000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда.

Фото: REUTERS

НАТОнинг кўп миллатли Agile Spirit ҳарбий машғулотлари Гуржистонда 25 июл, жума куни мамлакат ҳукумати ва Ғарб ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётганига қарамай бошланди. Машғулотларнинг расмий очилиши Тбилиси яқинидаги НАТО ва Гуржистон қўшма ўқув ва баҳолаш марказида (JTEC) бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Гуржистон Мудофаа вазирлиги.

Машғулотларда НАТОнинг етти давлати, шунингдек, Гуржистон, Украина ва Молдовадан икки мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи қатнашмоқда. Гуржистонда дала, ўт очиш ва махсус кучларнинг машғулотлари режалаштирилган. Туркияда параллел равишда олиб борилаётган Agile Spirit маневрлари 8 август куни якунланиши режалаштирилган.

Машғулотлардан мақсад иштирокчи давлатлар қуролли кучларининг жанговар тайёргарлиги даражасини ошириш, ўзаро уйғунлик ва оператив имкониятларни мустаҳкамлашдан иборат, дея хабар беради Гуржистон Мудофаа вазирлиги.

AFP агентлиги таъкидлаганидек, НАТО ва Европа Иттифоқи Қора денгиз минтақасида Россия таъсирига қарши туриш учун ўз мавжудлигини кучайтирмоқчи. 

Мавзуга оид