Жаҳон | 23:27 / 10.11.2024
3007
2 дақиқада ўқилади

Япония Ҳарбий-денгиз кучларига тегишли кемада ёнғин чиқди

Ёнғин оқибатида бир нафар экипаж аъзоси жароҳат олган, яна бир киши бедарак йўқолган.

Япония жануби-ғарбида ҳарбий кемада юз берган ёнғин оқибатида бир нафар экипаж аъзоси жароҳат олди, яна бир киши бедарак йўқолди, деб хабар беради Reuters.

«Укушима» минадан тозаловчи кемаси Кюсю ороли соҳили яқинидан сузиб ўтаётганида, соат 09:40 ларда ёнғин содир бўлган. Бир нафар экипаж аъзоси тутундан заҳарланиш туфайли шифохонага ётқизилган, яна бир киши бедарак йўқолган», — дейилади хабарда.

Япония ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари штаб бошлиғи Акира Сайтонинг маълум қилишича, барча экипаж аъзолари, бедарак йўқолгандан ташқари, бошқа кемага эвакуация қилинган. Ҳозирда ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда.

Унинг таъкидлашича, ёнғин кеманинг машина бўлмасида юзага келган, портлаш овозлари ҳам эшитилган, аммо ҳозирча ёнғин сабаби аниқланмаган. Ҳолат юзасидан тергов бошланган ва бедарак йўқолган шахс қидирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Россиянинг ядровий энергия қурилмасига эга контейнер кемасида ёнғин содир бўлганди. Ундан олдин эса Нидерландия яқинида бортида 3 минг автомобил бўлган кема ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид