Ўзбекистон | 14:41
6448
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида ҳарорат пасая бошлайди

Ўзбекистонда дам олиш кунлари иссиқ ҳарорат пасая бошлайди, бироқ у қадар сезиларли бўлмайди. Якшанбада ҳарорат +38…+41, жанубда +42…+44 даражагача бўлади. Айрим жойларда шамол кучайиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда дам олиш кунлари иссиқ аста-секин пасайишни бошлайди, бироқ бу пасайиш у қадар сезиларли бўлмайди, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

Жума куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида жуда иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаги кундан бошлаб ҳаво ҳарорати кундузи +39…+41 даражагача, республиканинг чўл ҳудудларида ва жанубда +43…+45 даражагача кўтарилди.

4 июл куни термометр устуни +41…+43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +44…+46 даражагача янада кўтарилади. Фақат Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари бўйича ҳарорат +34…+39 даражагача пасайиши сезилади.

Якшанба куни ҳарорат кундузи +38…+41 даража атрофида, жанубда +42…+44 даражагача бўлади.

Ўзбекистонда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача, 5 июлда республика бўйича баъзи жойларда, 6 июлда чўл ҳудудларда баъзида 20–22 метр/сониягача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳрида ҳаво кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳарорат 4–5 июлда +40…+43 даража, 6 июлда +39…+41 даража бўлади.

Мавзуга оид