Ўзбекистон | 18:36 / 29.07.2025
625
2 дақиқада ўқилади

Болаларга зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва уларни ҳимоя қилиш тартиби белгиланди

«Инсон» марказлари ва ички ишлар органлари болага нисбатан зўравонлик ҳолатларини ўрганувчи ва чора кўрувчи ташкилот сифатида белгиланди.

Фото: Getty images

Ҳукумат қарори билан «Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёхуд ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган бола бевосита ўзи ёхуд қонуний вакили «Инсон» марказлари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул органларга мурожаат қилади.

«Инсон» марказлари ички ишлар органлари иштирокида боланинг ҳаётий вазиятини 1 кун муддатда ўрганади.

Бунда «Инсон» маркази боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи омилларни дастлабки баҳолашдан ўтказади ҳамда хавф даражасини «паст» ёки «юқори» деб топиши мумкин.

Хавф даражаси «юқори» деб баҳоланганида, ички ишлар органи қуйидаги чоралардан бирини кўради:

- зўравонлик содир этган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш;

- болага ёхуд унинг қонуний вакилига ҳимоя ордерини бериш;

- болани ота-онасидан (уларнинг биридан) ёхуд уни ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиб қўйиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш.

Таҳдид солувчи омиллар бартараф этилгач, «Инсон» маркази боланинг ҳаётий вазиятини 14 календар кун ичида комплекс баҳолашдан ўтказади.

Комплекс баҳолаш натижаларига кўра 3 иш куни ичида болани ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилади.

Болаларга нисбатан зўравонлик содир этган ёки бундай ҳаракатларга мойиллиги аниқланган шахсларга нисбатан қуйидаги таъсир чоралари қўлланиши мумкин: 

- ахлоқ тузатиш дастуридан ўтиш;

- болаларини олиб қўйиш;

- ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш.

- наркология муассасаларида мажбурий даволаниш;

- мажбурий тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш.

Мавзуга оид